Ота-онага оқ бўлиш

www.hidoyat.com

Модомики аёлдаги эрнинг ҳаққи аёлнинг ота-онасиникидан каттароқ, Уммат ўртасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида эр ўз қариндошлари билан бўлган алоқаларини сақлаши ҳамда отаси суйган кишилар билан борди-келди қилиши шаръий вазифа экан, оилавий алоқаларни мустаҳкамлаш учун хотин ҳам эри суйган одамлар билан яхши муомалани сақлашга маъмур бўлиши авлороқдир.

Бундан ташқари ўз ота-онасининг ёшида бўлган қайин она ва қайин отасига эҳтиром кўрсатиши, келин қалбининг саховати ва поклигига далолат қиладиган асл исломий ахлоқлардан биридир.

Келин бу ишларни эрининг розилиги, ақраболарнинг муҳаббати, низо ва ажралишдан қутулиш йўлида қилар экан, уларнинг баракали  дуоларига ҳам сазовор бўлади.

Шунингдек, яхши келин шуни ҳам унутмасинки, эрини қизғанишда "рақиб" деб ўйлаётган қаршисидаги бу аёл – эрининг онасидир. Эри эса ҳар қанча бўлсин ўз онасидан воз кеча олмайди. Чунки у уни тўққиз ой қорнида кўтариб юрган. Чақалоқлигида кўкрак сути билан озиқлантириб, меҳру муҳаббати билан боққан. Унга етук инсон бўлгунига қадар мураббиялик қилган.

Ҳой келин, қайин онангиз – фарзандларингизнинг  бувисидир. Уларнинг бувиларига бўлган алоқалари кучлидир. Сиз қайин онангизга кундошдек муомала қилманг, агар шундай қилсангиз у ҳам сизга кундошдек муомала қилади. Сиз унга онангиздек муомала қилинг, у ҳам сизга ўз қизидек муомала қилади. Гоҳо онадан қаттиққўллик содир бўлиши мумкин, қиз бунга ажру-савоб умидида сабр қилади.

Оилага Ислом одоблари ҳукмрон бўлиб, ҳар бир шахс ўзининг ва бошқаларнинг ҳуқуқларини билса бу оила тинч-тотув ва осуда ҳаёт кечиради.

Эй келин, шуни ҳам яхши билингки, куёвингиз ўз оиласини сизнинг оилангиздан кўра кўпроқ суяди. Шунинг учун уни маломат қилманг. Зотан, сиз ҳам ўз оилангизни унинг оиласидан кўра кўпроқ суясиз. Демак, сиз уни оиласини таҳқирлаш, озорлаш ёки ҳуқуқларини поймол қилиш билан камситманг. Чунки бу ишлар, уни сиздан нафратланиши ва юз ўгиришига сабаб бўлади.

Келиннинг куёв оиласини ҳурмат қилишда сустлик қилиши – эрини ҳурмат қилишда сустлик қилиши, демакдир. Агар куёв аввалда бунга бирон жавобни қилмаса ҳам, унинг хотинига бўлган муҳаббатидаги самимийликка футур етиши тайин.

Ўз оиласини суядиган, ота-онасига яхшилик қиладиган эркак – хотини уни ҳурмат қилиши, мақташи ва ундан яхшиликларни умид қилишига лойиқ бўлган фозил инсондир. Чунки, ота-онасига яхшилик қилмаган эркакнинг, кўпинча, хотини, фарзанди, ёки бирон бир одамга яхшилиги етмайди.

Ҳой келин, агар сиз эрингизнинг ўз ота-онасига оқ бўлишига ёки уларга ўзингиз ёмон муомала қилишингизга рози бўлсангиз, айтингчи, онангиз ака-укаларингизнинг хотинларидан шундай муомала кўришига розимисиз?!



back 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 42 43 44 45 46 47 48 49 50 51 52 53 next