Tavakkul



Таваккул луғатда вакил қилиш сўзидан олинган бўлиб бир ишда бошқага суянишга далолат қилади. Яъни, ўша ишда ўзи ожиз қолиб бошқага эътимод қилиш таваккал қилишдир.
Аллоҳ таолога таваккал қилиш «Аллоҳ менинг ризқим ва ишимга Ўзи кафилдир» деб қаттиқ ишонишдин иборатдир ва Ундан бошқани бунга вакил қилмасликдир.
Таваккулни Ибн Ражаб ўзининг «Жомеъул улум вал ҳикам» китобида қуйидагича таърифлайди: «Таваккул Аллоҳ азза ва жаллага дунё ва охират ишларида фойдани жалб ва зарарни даф қилиш бўйича сидқи дилдан суянишдир. Ишларнинг барчасини унга ҳавола қилишдир. Ундан ўзга бирор нарсани бера олмаслигига, ман қила олмаслигига, зарар етказа олмаслигига ва фойда бера олмаслигига иймонни рўёбга чиқаришдир» (409 – бет).
Журжоний «Таърифот»да: «Таваккул Аллоҳнинг ҳузуридагига ишониш ва одамлар қўлидагидан ноумид бўлишдир», деган (74 – бет).

Шу билан бирга Аллоҳ таоло бандаларига амр қилган ва одат бўлиб қолган сабабларни ишга солишдир. Бунга оч қолганда таом тановул қилиш, совқотганда кийим кийиш, чанқаганда сув ичиш, бола кўришни истаганда оила қуриш, ҳосил истаганда уруғ сепиб, экин экиш, дарахт ва мева истаганда кўчат экиш каби нарсалар мисол бўлади.
Банда бу ишларни қилаётганда фақат Аллоҳ таолога суянган ҳолда қилади. Бошқа фикрга кетса Аллоҳ таолога таваккал қилмаган бўлади.
Таваккул ҳақидаги оятлардан намуналар:
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир», деган (159-оят).
Ҳар бир ишни амалга оширишда Аллоҳ таолога таваккал қилиш керак. Бу қоидага Пайғамбаримиз (sollolohu alayhi va olihi vasallam) Уҳуд ғазотида айнан риоя этдилар. Аввало, ўз фикрларига зид бўлса ҳам, шўродаги кўпчиликнинг маслаҳатига кўндилар. Кўниб, шунга азму қарор қилганларидан сўнг, ҳалиги кўпчилик ўз фикридан қайтсалар ҳам, Пайғамбар алайҳиссалом қайтмадилар. Аллоҳга таваккал қилдилар.
Ишнинг оқибати яхши бўлмаслиги маълум эди, аммо шўронинг қарорига қандай муносабатда бўлиш лозимлиги тўғрисида дарс бериш учун шундай қилдилар.
«Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир».
Аллоҳга таваккал қилишлик улуғ сифат. Аммо таваккал, Аллоҳ ирода қилганидек, тўғри ҳолда бўлиши керак. Баъзи кишилар таваккални нотўғри тасаввур этадилар. Ўйламай, чора-тадбир кўрмай, сабабларини ахтармай, кўр-кўрона ҳаракатни таваккал, деб тушунувчилар кўп.
Бу мутлақо нотўғри тушунчадир. Масалан, Пайғамбаримиз (sollolohu alayhi va olihi vasallam)нинг Уҳуд урушида қилган таваккалларини олиб кўрайлик. Мушриклар аскар тортиб Уҳудга етиб келганларини эшитишлари билан тезда мусулмонларни йиғиб, шўро мажлиси ўтказдилар. Шўро қабул этган қарорга ўзлари биринчи бўлиб амал қилиб, Ҳужраи Саодатга кириб, устма-уст иккита совут кийиб чиқдилар.
Эътибор беринг-а! Аллоҳга таваккал қилувчиларнинг энг улуғи, биринчиси бўлган Муҳаммад (sollolohu alayhi va olihi vasallam) урушга кетаётганлари эътиборидан бир эмас, икки совут кийиб чиқдилар! Одамларни жиҳодга қаттиқ тарғиб қилдилар. Манзилга тезроқ, осонроқ ва тинчроқ элтувчи йўлни биладиган одамни топиб, унга йўл бошлашни топширдилар.
Етиб боргандан кейин ҳам, душманнинг ҳолини, куч-қувватини яхшилаб ҳисоб-китоб қилдилар. Сўнгра ўз жангчилари билан бирма-бир танишиб, ҳаммани жой-жойига қўйдилар. Ўнг қанот ва чап қанотларда кимлар бўлишини белгилаб, уларга амир тайинладилар.
Орқанинг ҳимоясига Абдуллоҳ ибн Жубайр бошчилигидаги камончиларни қўйдилар. Хулласи калом, урушга зарур бўлган чора-тадбирларни керагидан ҳам ортиқроқ кўриб қўйдиларки, ҳатто ҳозирги замон ҳарбий мутахассислари ҳам бу ишлардан ҳайратда ёқа ушламоқдалар.
Аммо Аллоҳга таваккал бу ишлардан айри эмас, балки барчасини боғлаб турган бир ипдир, барчасини ҳаракатга келтирган бир кучдир. Ҳар бир ишда, чора-тадбирда Аллоҳни вакил, деб эътиқод қилишдир. Агар қалбда вакиллик маъносида, нусрат кутиш маъносида сал бўлса-да Аллоҳдан бошқа томонга мойиллик сезилса, уни Аллоҳга таваккал, деб бўлмайди.
Афсуски, кўпчилик таваккални дангасаликка, чора кўрмай кутиб ётса ҳам иш ўзи бўлаверади, деган тушунчаларга айлантириб олишган.
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Сен: «Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деб айт», деган (51- оят).
Яъни, бизга нима етса ҳам, Аллоҳдан етади. Аллоҳ таоло бизга нимани битган бўлса, ўшани кўрамиз. Аммо оқибатимиз яхши бўлиши, Аллоҳ бизга ғалабани ёзиб қўйгани ойдек равшан. Ўша ғалабага эришиш йўлида дуч келинадиган қийинчилик ва машаққатлар бизни насрга элтувчи воситалардир. Шу тарзда Аллоҳ бизни синаб кўради.
«У бизнинг хожамиздир».
У бизга доимо ёрдам беради. У бизни доимо Ўзи сақлайди.
«Мўминлар Аллоҳгагина таваккал қилсинлар».
Ҳа, улар фақатгина Аллоҳнинг Ўзигагина суянсинлар. Аллоҳнинг қазою қадарига ишониш ва Унга таваккал қилиш тайёргарлик ва ҳаракатга зид эмас. Балки Аллоҳнинг амрини бажо келтиришдир. Аллоҳнинг амрини бажармаган ва ҳаракат қилмаганлар ҳеч қачон таваккал қилмаган - (суянмаган) бўладилар.
Аллоҳ таоло «Тағобун» сурасида: «Аллоҳга итоат қилинг ва Расулга итоат қилинг. Агар юз ўгириб кетсангиз, бас, Бизнинг Расулимизга (вазифа) очиқ-ойдин етказиш, холос. Аллоҳ Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, мўминлар Аллоҳнинг Ўзигагина таваккал қилсинлар», деган (12 – 13 – оятлар).
Яъни, тирилтирувчи, ризқ берувчи, фойда улашувчи ва ўлдирувчи-Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Инсон ушбу ҳақиқатни англаб етса, турли хурофотлардан ва ўзгаларга қул бўлишдан озод бўлади. Бу даражага етган инсон Аллоҳнинг Ўзигагина таваккал қилади, суянади. Аллоҳга таваккал қилган кишининг эса хотири жам бўлади, ҳеч нарсадан қўрқмайди.
Таваккул ҳақида келган ҳадиси шарифлардан намуналар:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий (sollolohu alayhi va olihi vasallam): «Менинг умматимдан етмиш минги жаннатга ҳисобсиз кирурлар. «Улар дам солишни талаб қилмайдиганлар, шумланмайдиганлар, тамға қиздириб босмайдиганлар ва Роббиларига таваккал қиладиганлар», дедилар». Демак, жаннатга ҳисобсиз кирадиганлардан бўлиш учун тўрт сифатга эга бўлиш керак экан (a.s) ;

1.«дам солишни талаб қилмайдиган»
2. «шумланмайдиган»
3. «тамға қиздириб босмайдиган»
4. «Роббиларига таваккал қиладиган»

Ҳамма нарсада фақат Аллоҳ таологагина суянадиган.
Ана ўша тўрт сифатни ўзида мужассам қилган киши жаннатга ҳисобсиз кирадиган етмиш минг киши ичида бўлар экан.

Умардан ривоят қилинади: «Набий (sollolohu alayhi va olihi vasallam): «Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилганинигизда оч кетиб тўқ қайтадиган қушдек ризқланган бўлур эдингиз», дедилар». Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда агар бандалар Аллоҳ таолога ҳақақий таваккал қилсалар-суянсалар уларга худди ҳеч қандай жамғармага эга бўлмаган қушларга керак бўлган пайтда керакли ризқни бергани каби уларга ҳам ризқ бериши турган гап эканлиги ҳақида сўз кетмоқда.
Ўйлаб кўрадиган бўлсак, эрталаб уйғонган ҳар қандай қуш қорни очиб қорни ичига қапишган ҳолда бўлади. Шу билан бирга унинг ҳеч қандай жамғармаси ҳам кўзга олиб қўйган ризқ манбаси ҳам бўлмайди. Аммо у ризқ топиш мақсадида уясидан чиқади. Маълум вақт ўтгандан кейин қарасангиз қорни қаппайиб қайтиб келаётган бўлади. Дунёдаги барча ҳайвонотларнинг ҳоли шу.
Агар бандалар Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккал қилсалар уларга ҳам ғайбдан ризқ бериши турган гап. Гап фақат қуш уясидан чиқиб ўз ризқини топишга ҳаракат қилганидек бандалар ҳам керакли ҳаракатни қилмоғи керак. Аллоҳ таоло ҳатто қушларга ва қурт қумурсқаларга ҳам ўзлари ҳаракат қилмасалар уларнинг ризқини ётган жойига олиб келиб бермайди.

Анас ривоят қилади: «Бир киши «Эй Аллоҳнинг Расули, (уловимни) тушовлаб туриб таваккал қилайми ёки қўйвориб таваккал қилайми?» деди. Бас, у зот «Уни тушовлаб туриб кейин таваккал қил» дедилар». Термизий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифдан таваккал қилиш билан бирга сабаб бўладиган ишларни ҳам пухта равишда олиб бориш лозимлиги келиб чиқади. Чунки таваккал қалб иши, бу нарса банданинг қалбига, нияти ва эътиқодига боғлиқ амал. Воқеликдаги ишларнинг юзага келиши эса Аллоҳ таоло томонидан жисмга ва унинг аъзоларининг амалига боғлиқ қилинган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Яман аҳли ҳажга озуқа олмай келишар, биз таваккал қилувчилармиз, дейишар эди. Маккага келгандан сўнг одамлардан тиламчилик қилишга тушишарди. Бас, Аллоҳ таоло: «Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир»ни нозил қилди». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда, яманликлар «Аллоҳнинг уйини ҳаж қиламиз-у, бизни оч қўярмиди», дейишар экан. Бу, албатта, ҳар бир нарсага тайёргарлик кўриб юришга буюрадиган Ислом таълимотига хилофдир. Шу билан бирга бу иш ҳажини Аллоҳга миннат қилишга киради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳам руҳий, ҳам моддий озуқа билан озуқаланиб олишга амр қилмоқда. Шу билан бирга ҳақиқий озуқа маънавий озуқа бўлиб у тақво эканини яна бир бор эслатиб қўймоқда.

Таваккулнинг фойдаларидан:

1. Таваккул иймоннинг камолидандир.
2. Таваккул исломнинг гўзаллигидир.
3. Таваккул шайтондан муҳофаза қилувчидир.
4. Таваккул ёмон одамлардан муҳофаза қилувчидир.
5. Таваккул шариат чегарасида туришдир.
6. Таваккул ҳаромга юрмасликдир.
7. Таваккул одамлар билан талашишни тарк қилишдир.
8. Таваккул одамлар қўлидаги нарсага тамаъ қилишдан сақлайди.
9. Таваккул хотиржамликдир.
10. Таваккул барқарорликдир.
11. Таваккул Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилишни рўёбга чиқаради.
12. Таваккул Аллоҳ таолонинг ризосини юзага чиқаради.
13. Таваккул бандани қийинчиликлардан чиқишига ёрдам беради.
14. Таваккул ёмонликларга каффоротдир.
15. Таваккул ўз эгасини жаннатда набийлар билан бирга бўлишга тайёрлайди.
16. Таваккул ризқ кенгчилиги сабабаларидан биридир.

Алоҳида таваккул қилинадиган мақомлар: Ҳаётнинг ҳар бир нарсасида Аллоҳ таолога таваккал қилиш матлубдир. Шу билан бирга Қуръони Каримда Пайғамбар (sollolohu alayhi va olihi vasallam)га ва мўминларга алоҳида тваккал қилиш мақомлари ҳам кўрсатиб ўтилган. Уларни Ферузободий ўзининг «Басоири зави тамййиз фии латоифил китабил азиз» номли китобида келтирган:

1. Агар нусрат ва кушойиш истаснгиз, У зотга таваккал қилинг.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ. Агар сизни ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам ёрдам берар эди. Мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деган (160 – оят).



1 2 next